Сўз боши
Умрни ҳар ким ҳар нарсага ўхшатади. Кимлар оқар сув деса, кимдир шамолга қиёслайди, яна кимдир ҳар лаҳзаси ортга қайтмайдиган ва қимматли вақт дейишади. Ҳар бири ўзича тўғри.
Масалан, ўн етти баҳорни қарши олганимга ҳам эллик йил бўлибди. Бу ахир ярим аср дегани. Шунча вақт сувдек оқдими, шамолдек ўтдими билмайман-у, лекин ҳар қалай энди тарихга айланди дейиш мумкин.
Тарихни билмагунча, келажакни ҳис қилиш ёшларга бироз мушкулдир. Ҳатто, ўрта ёшдагилар ва кексалар ҳам ортга назар ташлаб, ҳаётдаги ўрнини, бажарган ишларини, қолаверса, ўз мавқеини сарҳисоб қилиши ва шунга қараб олдиндаги вақтини режалаштириши керакдир. Негаки: Тарихсиз – келажак йўқдир!
Тарих – бу ўтган замон ҳисобланса, маълум маънода замон билан замонни, одам билан одамни, аждод билан авлодни таққослаш учун, орадаги фарқларни билиш учун ўртадаги тафовутни англаш учун, тобора такомиллашиб бораётган фан ва техника ривожига ҳисса қўшиш учун, эл-юрт фаровонлиги йўлида нималар қилишни билиш учун: тарихни билиш керакдир.
Ахир «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ» хайрли дейилган. Мен ҳам эллик йил ортдаги воқеаларни эсга олмоқни ният қилдим. Бу нарсалар фарзандларим учун такрорлаш дарси, невараларим учун эртак, тенгдошларим учун ёшликни ёдга солишга ўхшаса ажабмас.
Ким билсин, сизларни зериктириб қўяманми ёки қизиқтириб қўяманми, ўзим ҳам билмайман. Мен билан, ҳаёлларим билан бирга юришдан оғринмасангиз бас. Азизлар, “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ” хайрли денглар-да, мен билан қадам-бақадам юринглар.
Қундуз Каримова