ҚУНДУЗ КАРИМОВА

ТАБАРРУК ХОТИРАЛАР (2012)
(Ушбу китобимни меҳрибон ота-онамнинг порлоқ хотираларига бағишлайман)
Ушбу рисолада етти фарзандини оқ ювиб, оқ тараб, оилали, уйли-жойли қилган Қундуз ая Каримжон қизининг қалб кечинмалари, дил изҳорлари, ҳаёт ташвишлари-ю қувончлари назм аралаш насрда равон тилда моҳирона баён этилган. Рисолани муҳтарама ая томонидан ўз фарзандлари ва набираларига битилган бебаҳо панд-насиҳатлар, умрбоқий ўгитлар, ҳаётбағш мангу ҳикматлар бўстони, деб ҳам айтиш мумкин.

Рисоланинг яна бир ўзига хос эътиборли жиҳати шундан иборатки, унда бошқа китоблардан олинган лавҳалар ёки бадиий ҳикоялар эмас, балки аянинг ўз кўзлари билан кўрганлари ва қулоқлари билан эшитганларидан ташкил топган тарихий воқеалар ёритилган. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ воқеалар жанг майдонида шахсан иштирок этиб, унинг барча машаққатлари-ю мусибатларига гувоҳ бўлган, тақдир тақазоси ва Яратганнинг инояти туфайли яна ўз Ватанига, яқинларининг бағрига қайтиб келиш насиб этган Инсоннинг сўзлари, қалб кечинмалари ва дил изҳорларидан иборат бўлгани учун ҳам ўта ишончли ва ўта таъсирчандир. Рисолани ўқиган сари кўзларингиздан ёшнинг шашқатор бўлиб оқиши турган гап.

Рисола, аввало, муаллифнинг оила аъзоларига, яқинларига, қариндош-уруғларига ва хеш-ақраболарига мўлжалланган. Шунингдек, ушбу рисолада оила муаммолари ва Ватанимиз тарихини ўрганувчи тадқиқотчилар учун ҳам талайгина ишончли тарихий лавҳалар мавжуд. Хулласи калом, мустаҳкам оила қуриш илинжида юрган ва унинг сир-синоатларини билиш билан қизиққан ҳар бир китобхон учун ўта фойдалидир. Рисолани мутолаа қилган ҳар бир китобхон ундан ўзи учун, албатта, муайян наф олади.

Фурсатдан фойдаланиб, бундай бебаҳо сатрларни биз фарзандлар учун сабоқ ниятида битиб қолдирган Қундуз аяга Яратгандан узоқ умр, сиҳат-саломатлик, олам-олам қувонч, ҳамиша фарзандлари-ю набира, эвара-чевараларининг камолини кўриб, пири бадавлат бўлиб юришларини, айни пайтда, шундай мўътабар инсонни дунёга келтирган марҳум ота-оналарининг жойлари шоҳистаи жаннат ва ғариқи раҳмат бўлишини сўраб қоламиз.

Неъмат Жабборов