ҚУНДУЗ КАРИМОВА

ҚУНДУЗХОНДАН (2025)
Шеърлар ва тилаклар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Бўш турган саҳифаларга нималардир ёзиб тўлдирсам дейман, балки ўқишар ёки кераксиз деб ёқишар, менга қоронғу.
Бироқ ҳар бир тўртликдами, сўзлар қаторида Аллоҳнинг исмлари бор, яъни Тангрим, Роббим, Эгам, Худойим, Парвардигор деб, мурожаат қилинган.
Агарда бу китоб қўлингизга тушса отиб юборишга шошилманг, аксинча, сўзларни сабр билан ўқинг. Ахир дилдан чиққан сўзлар, дилга етиб бориши аниқ. Сизларга фойда берадиган фикрлар топилса, хурсанд бўламан!
Бу менга Аллоҳ берган неъматлардан ёки мукофотлардан биридир. Ўзига шукурларим ва ҳамдларим бўлсин! Хайрли, давомли қилсин дейман!

ҚУНДУЗХОНДАН!

Қуролим аслида чин сўзлар бўлди,
Умидларим аста, кўп бор ушалди.
Ниятларга айнан етсин-да барча,
Дунё турар, бизлар ўтгувчи қанча.
Улашайлик ҳаммага кўпдан-кўп меҳр,
Замонанинг зайлидан олайлик сеҳр.
Дилдан-дилга ўтсин гўё бўлиб нур,
Агар ҳисса қўшсам мен шеъриятга,
Ногоҳ қолса майли, нуқта ўрнига.

Қўлдан келганича ёздим шуларни,
Уланди сўзга-сўз, ўқинг буларни.
Ниятим қолдирмоқ сўзлардан мерос,
Дилимдан чиққани шу бўлди холос.
Умид қиламан, кўп топилмаларга,
Зораки ўхшаса аввалгиларга.
Дард қўшилса, яна меҳрим қўшилса,
Айнан барчангизга сўнг етиб борса,
Ниятим шундай-ки, рост ёдда қолса!

СЎЗЛАРДАН ҲЕЧ ВАҚТ МАЪНО КЕТМАСИН.

Шеър ёзаяпманку деб, ўзимча ўйлаб,
Бўғинларни санаб, қофияни жойлаб.
Маъносига қарамай ёки гоҳ қараб,
Тўртликлар кўпайса қувондим, ё Раб.
Кўнгил боғланди шундай қалам-қоғозга,
Кўринди ўхшаб рости ҳаммаси созга.
Бало борми дедим, айт шунчаки нозга,
Ахир айланмай-да масхарабозга.
Сўзлар мазах бўлмасин дурдона улар,
Ўқиганлар ахир кўп маънога қарар.
Ҳар битта ҳарф ҳатто савоблар сўрар,
Ўқиб майли чин дилдан баҳра олсинлар.
Аввало бил ниятни яхшилаш керак,
Яхши сўзлар инсонга бўлсинда тиргак.
Дардли қалбларга доим бир малҳам керак,
Шифо, фойда бўлсин хўп, сўзимиз демак.
Кимларга майли мадад, йўлланма бўлсин,
Бемор ўқиса кўнгли ҳам кўтарилсин.
Кайфияти йўқлар озроқ чалғисин,
Яхши сўзлардан ҳеч сеҳр йўқолмасин.
Сўзларимда Роббим маъно кўп бўлсин!
Кексалар дуолари билан, ёшлар қувонч билан, болалар қорбобога интиқлик билан Янги йилни кутиб олдик!

Мен фарзандларим, невараларим ва эвараларим қуршовида “Тож-маҳалда” шу янги йилни қарши олдик. Шамоллаб қолганлар, йил якунида кўп ишлаб чарчаганларқатнаша олмадилар, албатта. Лекин, бир-биримизни телефон орқали соат ўн бирдан бошлаб қутлашни бошладик. Майли-да, бу ҳам ярим дийдор!

Ҳа, шу ширин дийдор учун, ғанимат онлар учун тўкин файзли дастурхон ташкил қилганлар ҳамда мазали таомлар билан меҳмон қилганлари учун “Тож-маҳалнинг” бугунги Шаҳзода-ю, Маликаси ҳисобланган Сардор ва Гулчеҳрахонга кўпдан-кўп раҳматларимиз бўлсин! Аллоҳ уларнинг гўзал ниятларига етказсин! Фарзандларини соғ-саломат, илмли ва маърифатли қилиб вояга етказишсин! Орзуларидек бўлиб улғайишсин. Ҳа иккисини ота-оналари улар билан фаҳрланиб, раҳматлар эшитиб, роҳатларини кўриб юришсин!

Янги йил бу файзли хонадонга ҳамда бошқа фарзандларим хонадонларига ҳам қутлуғ келсин. Аллоҳ барокатларини мўл қилиб ёғдирсин. Порлоқ келажак эгаси бўлиб, олдинги сафларда юришсин! Аллоҳдан яна шундай дуо билан сўрардим, ёмон кўзлардан доим асрагин эй Роббим, уларга тўкис бахт, кетмас омад, етарли давлат, солиҳ ва солиҳа фарзандлар бергин! Узоқ яшаганларнинг умридек умр, пири-бадавлатларнинг йўлини бергин!

Саҳифаларда Нобел сўзи бор экан, шу мукофотга сазовор бўлиш насиб этсин, унгача эса Президент стипендияси, Навоий, Ал-Бухорий, Ал-Хоразмий каби мукофотларга эга бўлиш насиб этсин. Омин, Роббил аъламийн!


ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАКЛАРИ.


Яна янги йилни қувонч билан биз кутдик,
Олам-олам орзу, режа ила бошладик.
Бутун дунёдагиларга тинчлик сўрадик,

Аллоҳдан инсонларга омонлик тиладик.

Кўкдан ёғсин майлига сероб, ёмғир-у, қор,

Ердан унса мўл ҳосил, ризқда барака бор.

Чанг, ғуборлар кетсин, буткул қолмасин зарар,

Юртимизга раҳмат ёғсин, Тангри мададкор.

Ой, қуёш ҳам ўз ўрнида нурини сочсин,
Табиат жуда саҳий сирларин очсин.
Янги Ўзбекистонда чин мардлар кўпайсин,
Байроғимиз баландларда ҳилпираб турсин.

Уч бўйдоқ невараларим мен дуо қилдим,

Учовига уч малика учрасин дедим.

Бирин-кетин тўйлар бўлсин, қўллагин Роббим,

Шу жуфт йилда жуфт топишсин дея сўрадим.

Кор-хайрни бергин ғойибдан атаганинг бор,
Туғилганда насибасин қўшгансан такрор.
Сенингчалик ҳеч ким бермас, ё Парвардигор!
Фариштадек қизлар келсин, малак сиймолар.

Иншаалоҳ бу йил қутлуғ келади!

 

Сарҳисобин сўраб, бу йил ҳам ўтди,
Синовларда қийнаб сўнг, ташлади кетди.
Кимлар нолидилар, кимлар йиғлади?
Ахир яқинларин буткул йўқотди.

Неча ёстиқлар бўш, эгасиз қолди
Кимлар бағрини айрилиқ доғлади.
Қай бир хонадонда икки-уч киши,
Ҳалокат сабаб у дунёга кетди.

Ҳеч бир йил йўқотиш бундай бўлмади,
Ер юзига қандай бало ёғилди?
Гуноҳ кўпайгандан бу жазомиди?
Эй Роббим, авф этгин биз бандаларни.

Ортда қолган бўлсин мусибат, кулфат,
Кўкдан ёғилсин кўп ризқлар, барокат.
Хонадонларда мўл, тўкис бўлсин бахт,
Ҳар бир инсон кўрсин роҳат-фароғат.

Бу йилдан умидлар жуда ҳам катта,
Иншааллоҳ, серфайз бўлар албатта.
Тўйлар ҳам ўтар хўп кичикми, катта,
Орзуларин рўёбин кўрсин ҳар банда.

Иймонлилар доим шукр қилади,
Сабрларнинг меваси тотли бўлади.
Тангрим туҳфаларни инъом этади,
Эзгулик кутинг, йил қутлуғ келади...!


ИЙМОНГА БОЙ БЎЛСИН ЎЗБЕК ЎҒЛОНИ!


Шайтонлар нағмасига ўйновчилар кўп,
Раҳмону, фариштани тан олмаслар кўп.
Ундайларнинг касрига бало-офат кўп,
Инсофга чақирганни бир тингловчи йўқ.
Шайтонга енгилмасин ҳеч бир ўғлон хўп....

Ичкиликни зўридан дилозорлар бор,
Тили калималарни айта билмас бор.
Ўрнак бўлиш ўрнига мазах бўлган бор,
Қачон ўзин ўнглайди, чора борми йўқ?

Шайтонга енгилмасин ҳеч бир ўғлон хўп....

 

Кексайиб қолса ҳам, ўрнин билмас бор,
Шайтон сувидан ичиб, йўлин топмас бор.
Ўрнак эмас, аксинча мазах бўлган бор,
Шайтонга дўст бўлгач, қайтолмайди йўқ.
Шайтонга енгилмасин ҳеч бир ўғлон хўп....

Ундайларга аттанг эҳ бас келувчи йўқ,
Дилда иймон кўпайса йўлин ўнглар хўп.
У кимнинг отаси ё, боласими хўп,
Ташладим деб бошлаганга гап кор қилмас йўқ.

Шайтонга енгилмасин ҳеч бир ўғлон хўп....

 

Инсоф бериб қолмаса бошқа даво йўқ,
Кетмасин обрўси, соғ бўлсин тани хўп.
Ёмонга қўшилмасин чораси шу хўп,
Нафсини жиловласа дуо юқар кўп.
Шайтонга енгилмасин ҳеч бир ўғлон хўп....


ИЙМОНИМИЗ БУТ БЎЛСИН!


Қуёшнинг балқишин кўрмай кетганлар,
Пайғамбар ёшига етмай ўтганлар.
Фарзандларин тўйин қилмай кетганлар,
Ё бир невара қўлга олмай ўтганлар.
Йўллаймиз Сизларга кўп-кўп каломлар...

Аллоҳ ҳузурига шошиб кетганлар,
Қирқми, элликками етиб ўтганлар.
Дард-ла курашиб, ғам-чекиб ҳар онлар,
Дилларида қолиб қанча армонлар.
Йўллаймиз Сизларга оят-каломлар...

Қабрингиз каломдан нурларга тўлсин,
Савол-жавобларга кўп полвон қилсин.
Савоб ишларингиз тароздан ортсин,
Фаришталар дафтари ўнг ёндан бўлсин.
Йўллаймиз дуолар қабр нурга тўлсин...

Руҳингиз шод бўлсин энди ҳамма вақт,
Оҳиратингизни Тангри этсин обод.
Ортда қолганларингиз юрсин саломат,
Борар жойимиз чин дунёдир фақат.
Дийдор тушда бўлар, ёҳуд қиёмат...

Бой инсон бўлмасакда, қўлимиз пулга тўлмасада, дилимиз пок бўлсин,
Уйимиз уч қавватлик бўлмасада, юрагимизда Иймонимиз бут бўлсин...!


ЙЎЛЛАЙ МЕН ЧИН САЛОМИМ.

 

Беҳосдан тўкилди кўзимдан ёшим,
Ишламай қолдими билмадим бошим.
Ўғлимнинг қувончли кунидир бугун,
Ҳамма борида ечай дедимми тугун?

Ўттиз йил бўлибди, шу муаммо бордир,
Таваллуд кунимда эҳ, Онам ўтгандир.
Кўнглимга сиғмайди нишонлаш бу чиндир,
Афсус, Онамга совға қилмадим недир.

Дийдорлашиб совға олиб шоддирман бир зум,
Бироқ тушунсалар эди, йиғлайди ичим.
Чунки буни нишонлаш менга бир азоб,
Сабр бергин, ношукурлик қилсам гар, ё Робб.

Бу кун ёдга тушарлар кўпроқ, тинмай,
Тақдиримда шу кун битилган шундай.
Кексайганим сари дейман, кўп эслай,
Ахир ўтарман ўша онларни топмай.

Мени авф этинглар, эй азизларим,
Майли ўхшамасин бу таваллуд куним.
Аслида бўлди рост, бир дийдор ширин,
Онам дийдорларини соғиндим бугун.....
Онаси борларга йўллай саломим!!!


СЕВИНЧ ЁШЛАРИ КЎП БЎЛСИН!

 

Майли оқиб кетсин кўздаги ёшлар,
Кўнгилда йиғилиб қолмасин доғлар.
Балки юрак шунда ғамлардан бўшар,
Киприкларда қотма оқавер ёшлар.
Кўнгил ҳам турлича йўл топиш қийинроқ,
Ахир тенг бўлмаган қўлдаги бармоқ.
Нетай майли бошқа йўл ҳам йўқ бироқ,
Киприкларда қотма оқиб тур ҳар чоқ.
Шундай сўз ҳам борда қадимгиларда,
Қарқонақдан бир вақтлар булбул чиққанда.
Бизда ақл, куч кам, уларда рост кўп-да,
Киприкда севинчдан ҳам кўз ёш қалқарда.
Ёшлар бор аччиқ ёшлар қисматга боғлиқ,
Кўз ёшлар дардгами, ё соғинчга боғлиқ.
Болаларда инжиқлик, қўрқувга боғлиқ,
Киприклар жиққа-жиқ ёшга тўлмасин.
Майли кўнгиллар ҳеч вақт йиғламасин,
Яқинлар бир-бирин қалбин тиғламасин.
Кўнгилга йўл топсин тўғри тушунсин,
Киприкда фақат севинч ёшлари бўлсин.

Уканг билан қувлашмачоқ ўйнагин!!!

(Жияним Шукронага аталган)

 

Сени ўйлаб ҳар замонда йиғлайман,
Қодир Эгам нечун бундай яратган.
Бувингга синов, онангга қийновдан,
Мен ҳам эзиламан, бир-бир йиғлайман.

Биламан, Тангрининг ўзи чевардир,
Ахир ҳар нарсада бир ҳикмат бордир.
Кимлардир аслида тирноққа зордир,
Сен борсан ҳаётсан, шуни ўзи зўрдир.

Шукур қиламиз Роббим, сабр сўраймиз,
Яратгандан омонлик, умр тилаймиз.
Исмингга мос бўлсин жисминг ҳам деймиз,
Чопқиллаб юрсанг, бир вақтлар йиғлаймиз.

Бу қувонч ёшлари бўлади ахир,
Сени ҳам сийлайди шу азал тақдир.
Келажагинг порлоқ, рост нурли бўлар,
Ҳеч ким йиғламас, шунда ҳамма кулар.

Сен ҳам доим кулгин, қувониб яшагин,
Аллоҳ забон берсин, ширин сўзлагин.
Яхши ният-ла узоқни кўзлагин,
Илоҳий куч олиб, чопқиллаб юргин.

Алвидо дер тил ва дилим, оёқ ердан узилган кун!

 

Кимга аён бўлар балким, оёқ ердан узилган кун,
Буни кун деб билармикан, ё дермикин бу мудхиш тун?
Кетган кетар ҳеч нима билмай, оёқ ердан узилган кун,
Яқинларнинг бағри тутун, йиғлайдилар юм-юм, дил хун.

Бу ҳаммага қисматмикин, оёқ ердан узилган кун?
Қай бир кунга тўғри келсин, ўлчовли вақт тугармикин.
Гўрков, ғассол хизматдами, оёқ ердан узилган кун?
Амаллар жой-жойидами? Иймон бутун, ибодат чин.

Яқинларнинг кўзи гирён, оёқ ердан узилган кун,
Тўшагида ухлар ҳамон, кўз очилмас энди тамом.
Яхши кунлар ортда қолди, оёқ ердан узилган кун.
Кўрганлари тушдай энди, боқий дунё чақирган кун.

Бошланади савол-жавоб, оёқ ердан узилган кун,
Келса сўнгра дуо, Қуръон, демак Жаннат унга яқин.
Асра Тангри жаҳаннамдан, оёқ ердан узилган кун,
Зумда ўтказ Сиротингдан, банданг ҳоли бўлмай забун.

Ҳамроҳ бўлсин ҳар он Қуръон, оёқ ердан узилган кун,
Жаннат калити ўша Фурқон, тилимизни бурро қилгин.
Ибодатлар ёдга тушсин, оёқ ердан узилган кун,
Савоб ишлар тез жам бўлсин, фаришталар ёрдам берсин.

Дариғ тутма мурувватинг, оёқ ердан узилган кун,
Уммат кутар шафоатинг, энди даркор мағфиратинг.
Шулар унга совға бўлар, оёқ ердан узилган кун,
Яқинлардан доу келар, икки калима ё бир бутун.

Олдин келган олдин кетсин, оёқ ердан узилганда,
Ортдагилар рози бўлсин, уларга ҳам кўп сабр берсин.
Хотирамни ёд этсинлар, оёқ ердан узилганда,
Руҳимни ҳам шод этсинлар, менда бошқа йўқдир имкон.