ҚУНДУЗ КАРИМОВА

ДОНО БЎЛИНГ! (2019)
(Ушбу шеърларим тўпламини Одилбек бувам, Раҳимбек додам ҳамда
Кимё ойимларнинг порлоқ хотираларига бағишлайман. Охиратлари обод бўлсин)

СЎЗ БОШИ

Яхши дўст айбингни, мисоли кўзгу,
Ўзингга айтади келгач рўбарў.
Ҳотамга ўз иши бергай шаҳодат,
Ҳар ким қилганича топади шуҳрат.

Шайх Саъдий Шерозий

Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм.

Ассалому алайкум, Китобхон! Аллоҳга шукурлар бўлсинким, яна сизлар билан китоб орқали сўзлашиш ва учрашиш менга насиб этди.

Мен шоира эмасман, шоираликка давогарлик ҳам қилмоқчи эмасман. Нима қилай, илҳом деганлари қуйилиб келаверса. Ички ҳиссиётларим тинчлик бермайди, ичимда кимдир албатта шуларни оққа кўчир деяверади.

Бу галги учинчи шеърлар тўплам китобимни “Доно бўлинг” деб атадим. Сабаби, ҳозир ривожланган техника ва технологиялар асрда яшаётганимизда, фарзанд-у набираларимизга Давлатимиз томонидан ўқиб, илм олишлари учун ҳамма имкониятлар яратилиб берилаётган бир даврда ношукурчилик қилсак, бу бизларнинг қилган катта хатоимиз бўлади.

Шунинг учун, фарзанд ва набираларимиздан яхши ўқиб, келажакдаги ўз тақдирларини тўғри белгилаб, Эл-юрт учун ҳалол хизмат қиладиган доно йигит-қизлар бўлиб етишишларини жуда-жуда истар эдим. Зеро, бировларга алданиб қолмасинлар, хорижда хор бўлиб юрган ҳамюртларига ўхшамасинлар дердим.

Ушбу шеърларимнинг маъносини тушуниб ўқиган ўқувчи ўзлари учун бирор бир ўгит олсалар, керагини олиб, керакмасидан воз кечиб, ҳаёт йўлларида озгина бўлса ҳам фойдаланишса, мен бундан фақат хурсанд бўлардим.

Шеърларим содда, равон, оддий, ҳашам ва безаклардан ҳоли ёзилган. Агар сизларга манзур бўлса, азизлар мен бундан чексиз шодман. Эътиборингиз ва иштиёқингиз учун аввалдан ташаккурлар айтиб, саломимни йўллаб қоламан.

Ушбу китобимда “Ўтганларни хотирлаб” рукуни остида бизлар учун азиз-у мукаррам бўлган инсонлардан Одилбек бувам, Раҳимбек додам ҳамда Кимёнисо ойимларнинг порлоқ хотираларига бағишланган шеърларимни эътиборингизга ҳавола этаман.

Китобимни мулла Йўлдош ота ўғли Каримжон отажонимнинг бир шеърлари билан бошлайман. Ўтганларимизнинг охиратлари обод, рухлари шод бўлсин! ОМИН!

Ҳурмат билан Қундуз КАРИМОВА.