Қозоғистонда Ўзбекистон кунлари
Мен туғилиб ўсган қишлоғимга бу сафар бошқача режа, бирмунча ҳаяжон ва дардман ҳолда бориб келишимга тўғри келди.
Бу ташрифимнинг боиси шу кунларда Қозоғистон Республикасида “Ўзбекистон кунлари”нинг ўтаётганлиги бўлди. Мени шу тадбирда иштирок этиш мақсадида таклиф қилинганлигим учун вилоят, туман раҳбарларига ва Турбат қишлоғи хокимига, тадбирни уюштирган маъсул ходимларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этиб қоламан.
Тўловларни зиммамга олиб, қарздорлик ҳиссини туюб, бир қанча қадрдонлар билан учрашиб ҳамда кузнинг охирги изғиринли кунида Хосият аммажонимни ҳамда амакимнинг қизлари Ҳикоятни катта хизматларга қўйиб ҳамқишлоқлик азизлар билан дийдор кўришиб келдим.
Хосият аммажоним ва оила аъзолари томонидан уюштирилган зиёфатга сўз ожиз. Аммажоним оилаларига шунча хизмату-ҳиммат учун Аллоҳдан мукофотлар сўрайман, ҳаммалари соғ-омон бўлишсин, хонадонларига ризқ-рўз, барака ёғилсин, бирларига мингни, мингларига туман берсин, шу куни қанчадан қанча инсонларнинг қувончларига сабабчи бўлишди. Аллоҳ рози бўлсин!
Синглим Ҳикоятга ушбу тадбирни ташкиллаштиришда ва ўтказишда актив қатнашгани учун, оилавий бахт-омад, соғлик, омонлик, фаровонлик, фарзандлар роҳатини, камолини, узоқ умр кўришини, жамоат ишларида эса юксак ютуқлар, савдо ишида барокатлар тилаб қоламан.
Соғлигим ҳам бироз панд бериб анча вақт давом этган шамоллаш оқибатида анча ҳолдан тойиб қолган эдим. Лекин шунга қарамай, ахир бу тадбирни уюштириш учун шунча ҳаракат қилиндику деб, бор кучимни йиғиб, жума тонгида сингилларим, ўғлим Азизжон ва келиним Нодирахон ҳамроҳлигида йўлга тушдик. Ушбу муборак кундаги дуолар ижобатидан бўлса керак, Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидан осон ва тезгина ўтиб, қишлоғимизга олиб кетаётган автомобил ҳам елиб етказди чоғи, Эгамнинг марҳамати билан манзилимизга жуда тез етиб олдик.
Шу куни мен яна болаликка қайтдим, сабаби ярим аср аввалги вақтлар биз ҳам концерт қўйган саҳнада, президиум аъзолари сафида ўтирдим. Вилоятдан келган журналист, қишлоқ ҳокими ўринбосари, Туроб Тўла номли мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, маданий-маърифий ишлар етакчиси, қишлоқ фаоллари қаторида ўтириб, икки Давлат раҳбарлари учрашувлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ҳамда ушбу ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликни томоша қилдик.
Биз аёллар нафақат юртимизда, балки бутун дунёда тинчлик бўлишини чин дилдан истаймиз. Шу сабаб Давлатлараро бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва тузилган дўстона алоқалар, чегаралардаги барча яхши ўзгариш ва имкониятлар бизни хурсанд қилиш билан бирга инсонларга анча қулайликлар берди. Ушбу йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб номлангани ҳам айни муддао бўлди дейиш мумкин. Она қишлоғимизда ҳам бир неча йил кутилган ва бу йилгина амалга ошган, яъни янги қурилган бинони “Ўзбек маркази” учун совға қилишгани, жуда қулай ва ёруғ хоналарини керакли жиҳозлар ва адабиётлар билан тўлдириш арафасида бу бинога кирдик. У ердаги қишлоқ фаолларига, шунингдек бу марказга, бошланган фаолият ривожига, икки миллат бирдамлиги учун шу қишлоқ гуллаб яшнаши, янада обод бўлиши ва қўлни-қўлга бериб шу йўлда хизмат қилишларига тилаклар билдирдик.
Қишлоқ марказида чамаси 55 йиллар аввал қурилган ўша клубнинг биз учун қадрдон саҳнаси кичиклигимизда жуда улкан кўринар эди. Айниқса саҳнага чиққан қизлар шеърларни жаранглатиб ўқиганида, бошқа қизлар ҳиндча рақсга тушиб, яна бошқа қизчалар қозоқча куйлашганида ва бир келишгангина йигитча оналар ҳақида жўшиб қўшиқ айтганида, мен ўша ёшликка қайтиб, қаттиқ ҳаяжонда ўтирардим. Шундай иқтидорли ёшларимизнинг ўқиш ва маданий-маърифий ишларида омадлар, санъатда парвозлар тилаб, ич-ичимдан барча яхшиликларни, бахт ва омадлар тилаб, оқил-у доно йигит ва қизлар бўлиб етишишлигини Худодан сўраб ўтирдим.
Турбат қишлоғимизда очилган “Ўзбек маркази”да фаолият кўрсатувчиларнинг яхши ниятда қилган ўз режалари бор экан. Шу куни клубда янги йил олдидан аҳолининг кайфиятини кўтариш мақсадида Тошкентдан “Мирзо театри”ни таклиф қилишганлигини эълон қилишди. Қишлоғимиздаги ўзгаришлар, аҳолининг ҳаёти анча яхшиланганлиги, кўпчилик тадбиркорлик билан шуғулланиб, оила аъзоларини иш билан таъминлаётганлари ҳам қувонарли. Мева-сабзавотларни қишин-ёзин етиштириб ҳамқишлоқларнинг дастурхонларини ва ўз рўзғорларини тўкин қилаётганлари жуда соз ва айни муддао эди. Мен у ердаги яқинларим хонадонларидаги барча ўзгаришлар, қулайлик ва шинамликлар таъминланганини кўриб, бир тарафдан кўнглим кўтарилса, бир тарафдан улар учун чин дилдан хурсанд бўлдим. Тонгдан кечгача тиним билмай, чарчамай, меҳрлари тафтидан оламни қамрашга шай, бу меҳнаткаш инсонларнинг ҳаётлари яхшиланишидан қувонмай не қилай. Ахир шаҳардаги ҳаёт билан уларнинг турмуш тарзини солиштирсак анчагина фарқ бор, қийинчиликлар талайгина. Бироқ у ердаги на эркак ва на аёл ўз меҳнатларидан, турмушларидан ҳеч қачон нолимайдилар, ҳордим толдим демайдилар. Сабр билан, шукроналик билан ва ҳамиша яхши кайфият билан юрадилар.
Улардаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ҳамда бир-бирларини қўллашлари менда катта ҳавас уйғотди. Меҳнатлари қанчалик кўп бўлмасин борди-келди қилишга, бир-бирларини қўллаб ёрдам беришга, ҳамиша вақт топадилар. Бунга мен у ерга яқинда бориб келганимда, яна бир карра амин бўлдим.
Қишлоқ аҳли эрталабдан ҳаво булут ва изғирин бўлишига қарамай, ноябрнинг охирги кунида шаҳардан келадиган, бир вақтлар ҳамқишлоқ бўлган меҳмонга хурсандчилик бағишлаш мақсадида, шу кунги барча ишларини четга суриб, пешвоз чиққанликлари учун ўзимнинг самимий ташаккурларимни айтиб қоламан.
Шу куни хаёлимда фақат ушбу ҳаяжонга юрагим дош бериб уйга соғ-омон етиб олсак бўлди деган фикр бор эди, холос. Дард енгиб қўйсачи деган фикр тинчлик бермасди чоғи, негаки 5 бетоблигим сабаб фарзандларим боришимга бир оз қаршилик қилишган, мен учун қайғуриб ҳавотир бўлиб кутишаётган эди...
Яқин кунларда ёзилган қуйидаги шеърлардан бир қисмини ўзим билан олиб, у ерда ўқиб бермоқчи бўлган эдим, кучли йўтал панд бергани учун имконияти бўлмади.
Биринчи бўлиб ўқиб бермоқчи бўлган шеърим, аввал мен учун катта ҳарфлар билан ёзилган “ИНСОН” – тон маънодаги ҳақиқий бир инсонни бир оз таърифлаб ўтишни бурчим деб ўйладим. Улар бизга бир неча йил она тили ва адабиётдан сабоқ берган устозимиз Исроилов Исмоил ака, Аллоҳ уларни жаннатий бандалар қаторидан қилиб, қабрларини то қиёматгача қуръон нури билан мунаввар айласин, Раббилаъламин!
Мен агар қачондир савоб ишлар қилган бўлсам, учдан бир қисмини боққан падарибузрукворим Каримжон отамга, яна учдан бир қисмини дунёга келтирган ҳамда Отамиздан кейин, ҳам ота, ҳам она бўлиб, меҳр кўрсатган, жаннатим бўлмиш Қумринисо онамга ва Аллоҳ розилигида қолган бир қисмини шу устозим Исроилов Исмоил акага пийсабилло илм берганлари, адабиётга меҳр уйғотганлари учун бағишлайман.